
14.01.2023

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!
Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Муҳтарам ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Таъкидлаш керакки, миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз.
Ишончимиз комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч рахна сололмайди, демократик ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди.
Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, шунингдек, ҳарбий ҳаётнинг бутун қувонч ва ташвишларини турмуш ўртоқлари билан баҳам кўриб келаётган меҳрибон ва сабр тоқатли рафиқаларига бутун туманимиз халқи номидан улкан миннатдорлик билдирамиз.
Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан сиз, азизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор чин юракдан табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!